Pinned Tweet
Бобом пахта терарди. Отам завод қурди. Мен Силикон водийсида сунъий интеллект билан ишлаяпман.
Савол: неваларимиз нима қилади? 🤔
Менимча, Ўзбекистон энди хом ашё эмас, ақл экспорт қилиши керак. Мен 3 та йўл кўраман:
🤖 Ёшларимиз Тошкентдан туриб Калифорниядаги ҳақиқий роботларни бошқаради (ON Robotics)
⛏️ Ер остидаги критик минералларимиз дунё технологияларининг юраги бўлади, лекин фақат тадқиқот ва билим билан (nElement)
🌉 Силикон водийси ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри кўприк (One Nexus Group)
Шу ҳақда ўз тажрибамдан ёзиб бораман.
Сиз-чи? Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги нима: ер ости ёки ёшлари? 👇
Бугун Америкада Thanksgiving — Шукроналик куни.
1621 йилда илк кўчманчилар маҳаллий қабила билан биринчи ҳосилни нишонлашган, 1863 йилда эса Линкольн буни умуммиллий байрамга айлантирган. Бугун ҳам моҳияти ўша-ўша: оила бир дастурхон атрофида йиғилади ва йил давомида эришилганларига шукр қилади.
Мен ҳам бугун тех-инвестициялар соҳасида ишлайдиган дўстим билан кўришдим. Гап айланиб Nvidia’га тақалди.
Женсен Хуанг бир неча кун олдин истеъфога чиққанди, энди эса директорлар кенгаши уни яна CEO қилиб қайтарди. Бозор буни байрам қилиб юборди — акциялар бир кунда 31 фоизга сакради.
Лекин дўстимнинг қараши бошқачароқ. Унинг фикрича, бу Nvidia учун нотўғри қадам бўлди. Аввал мустақил текширув ўтказилиши, барча саволларга ойдинлик киритилиши, шундан кейингина уни лавозимга қайтариш масаласи кўрилиши керак эди.
Шу гап мени ўйлантириб қўйди.
Бозор — бугунги кун билан яшайди. Инвестор эса — компаниянинг эртанги кунига қарайди. Шошилиб қабул қилинган қарор бугун акцияларни осмонга кўтариши мумкин, лекин узоқ муддатли ишонч фақат тартиб ва шаффофлик устига қурилади.
Компания битта шахсга қанчалик қаттиқ боғланган бўлса, у бир вақтнинг ўзида ҳам шунчалик кучли, ҳам шунчалик заиф бўлади. Ҳақиқий мустаҳкам бизнес — асосчиси борми-йўқми, бирдек ишлай оладиган тизим қура олган бизнесдир.
Бугун шукр қилишга арзийдиган нарсаларим кўп. Шулардан бири — бир пиёла чой устида ўз фикрини очиқ ва холис айта оладиган дўстлар.
10
402
Шу ҳафта 80 та стартап seed босқичида $784 млн жалб қилди. Энг йирик 10 та раунднинг ўзи $520 миллиондан ошади.
Пул қаерга кетганига қаранг:
— AI инфратузилма ва ҳисоблаш қуввати: $322 млн
— Тиббиёт ва биотех: $117 млн
— AI агентлар: $54 млн
— Мудофаа ва автоном тизимлар: қарийб $29 млн
Бу рўйхатда «чиройли илова» йўқ.
Дунё капитали реал муаммоларга кетяпти. Энергия, логистика, тиббиёт, ишлаб чиқариш, агросектор.
Бизнинг ёш венчур бозоримиз ҳам ўз стратегиясини шу трендларга қараб қайта кўриб чиқиши керак, деб ўйлайман.
Бугун инвестиция кўпинча илова ва сайтлар атрофида айланяпти. Аммо бизда бундан каттароқ имконият бор. Саноатда ечилмаган муаммолар. Университетларда иқтидорли ёшлар ва тадқиқотчилар.
Фақат ўртада кўприк йўқ.
Саноат муаммосини очиқ айтса, тадқиқотчилар ечим изласа, ёш жамоа уни бизнесга айлантирса, фондларимиз шу кўприкни қуриши мумкин.
Чиройли экран инвесторни бир дақиқа ушлайди. Ечилган муаммо эса йиллаб ушлаб туради.
Бизда шижоатли ёшлар ҳам, тайёр илмий база ҳам бор — энди уларни реал саноатга улайдиган вақт келмадими?
OpenAI қизиқ бир дастур эълон қилди — OpenWorks.
АҚШнинг 20 та шаҳрида маҳаллий AI мутахассисларига ойига $8 000 гача тўлайди. Улар оддий дўкон, ресторан ва кичик цехларга бориб, эгасининг ёнида ўтириб AI'ни ишга тушириб беради. Кичик бизнес бунга бир тийин тўламайди, устига 3 ойлик ChatGPT Business ҳам бепул.
Эътиборлиси, IT компаниялар ва венчур стартаплар бу дастурга кирмайди.
Бу Ўзбекистонда стартап қураётган ёшларга ҳам тўғридан-тўғри сигнал.
Агар стартапингизнинг бутун қиймати оддий дашборд, ҳисобот ёки битта кичик вазифани енгиллаштириш бўлса, бозорингиз тез тораяди. Чунки бизнес эгаси эртага бунинг учун алоҳида дастур сотиб олмайди — маҳаллий мутахассис билан ўзига мослаб қурдириб олади.
Энди иккита реал йўл қоляпти.
Биринчиси — стартап қуряпсизми, чуқур соҳага киринг: мураккаб интеграция, реал маълумот ва бутун жараён учун жавобгарликни оладиган тизим яратинг.
Иккинчиси — янги иловага шошилмай, таниш бир-иккита дўкон ёки цехнинг кунига камида бир соат оладиган ишини бир ой ичида бепул автоматлаштириб беринг. Натижа тайёр бўлгач, кейинги икки ойда шу соҳадаги ўнта бизнесга пуллик хизмат билан чиқинг.
Энди оддий илова эмас — реал муаммони охиригача ечадиган одам ва маҳсулот ютади.
Беш йил олдин OpenAI'дан кетган бир гуруҳ тадқиқотчи Anthropic'ни очди.
20 ноябрда биржа ёпилганда бу компаниянинг қиймати қарийб $1,2 триллион долларга етди. Бу шунчаки рақам эмас — бу бутун бошли янги тўлқиннинг бошланиши.
Кремний водийсида яшаб, мени биржадаги рақамлардан кўра бир савол кўпроқ қизиқтиради: бугун Anthropic'да ишлаётганлар эртага қандай компаниялар қуради?
Чунки бу ерда ўйин қоидаси бошқача. Илк инвесторлар ва ходимлар акцияларини сотгач, бу пуллар шунчаки банк ҳисобларида ётиб қолмайди — улар яна водийга қайтади.
Сценарий кўпинча шундай: кеча бир жамоада код ёзган муҳандис улушини сотади ва роботлар ёки Physical AI бўйича ўз компаниясини очади. Собиқ ҳамкасби унга иккиланмай биринчи чекни ёзиб беради. Яна бири биринчи мижозни топиб беради.
Кейин маҳаллий корхоналар буюртма олади. Янги муҳандислар ишга олинади. Қарабсизки, қоғоздаги ғоя реал маҳсулотга айланади.
Водийнинг асл сеҳри ҳам шунда. Йиллар давомида тўпланган капитал, тажриба ва энг муҳими — ўзаро ишонч кейинги авлод стартаплари учун тайёр трамплин вазифасини ўтайди.
Ўзбекистон экотизими учун ҳам энг катта дарс шу. Грантлар ва имтиёзлар — зўр старт. Аммо экотизимни ўн йиллаб оёқда ушлаб турадиган нарса — глобал бозордаги йирик exit'лар ва улардан қайтган «ақлли капитал»дир.
Битта ўзбек жамоаси жаҳон бозорида катта муваффақиятга эришса, унинг пули ва тажрибаси Тошкентга қайтиб, кейинги ўнлаб стартапларни оёққа турғизади. Бизга айнан шу биринчи йирик exit керак.
2027 йил январидан Тошкентда Enterprise Uzbekistan ишга тушади. Унда инглиз ҳуқуқи амал қилади, иш тили инглизча, янги маҳсулотни синаш учун махсус режим бор. Институционал архитектура тўғри қадам.
Лекин капитал бозори ҳуқуқий режимга ёки презентация слайдларига пул тикмайди. Капитал пул тўлаган мижози бор, тижорат тасдиғига эга компанияга киради.
Шунинг учун АҚШдаги биринчи сармоя чиройли офисларга ёки катта тадбирларга эмас, битта аниқ «closer»га — ўз вертикалида реал сотув қилган ва «қайси харидорлар менинг қўнғироғимга жавоб беради?» деган саволга телефон дафтарчаси билан жавоб бера оладиган одамга йўналтирилиши керак.
Университетлар эса бу занжирда махсус муҳит сифатида ишлаши мумкин — айниқса тадқиқот лабораториялари, прототип синовлари ва стартаплар учун тезкор акселерация ёки амалий валидация майдони бериш орқали. Аммо университет тижорат сотувининг ўрнини боса олмайди. Университетда муҳит, тажриба ва тадқиқот кучи бор; лекин пул тўлайдиган мижоз, реал бюджет ва «unit economics» фақат бозорда пайдо бўлади.
Робототехника ва «Physical AI»ни олайлик. Агар жамоа омбор ёки саноат линиясидаги роботга турли шаклдаги қутиларни таниб, сиқмасдан ва туширмасдан тўғри ушлаш ҳамда жойлашни ўргатадиган модель яратган бўлса, асосчини дарҳол венчур фондига эмас, реал америкалик омбор ёки логистика операцияси раҳбарига олиб бориш лозим. Айнан ўша оператор робот қайси «edge case»да (ностандарт қадоқ, ялтироқ плёнка, сиқилган картон) тўхтаб қолишини, қайси хато қимматга тушишини ва нега сменадаги ходимлар янги техникага ишонмаслигини айтиб беради. Университет лабораторияси робот моделини чархлашга ёрдам беради, лекин омбордаги бир кунлик кузатув «roadmap»ни инвестор билан ўтказилган ўнта учрашувдан кўра аниқроқ қайта ёзади.
Кейинги босқич — пулли пилот. Бунда шартлар аввалдан қатъий белгиланади: нарх, муддат ва KPI. Синов якунида рақамлар соатига қанча қўшимча қути ўтганини, «pick rate» қанчага ошганини ва хатолар ёки «downtime» қанчага қисқарганини кўрсатади. Шундан кейин инвестор билан музокара мутлақо бошқа мақомда боради: «Америкалик омбор пул тўлади, натижани ўлчади ва йиллик шартнома имзолади.»
Бир йил ўтиб, ташаббус муваффақиятини баҳолашда учта кўрсаткич ҳал қилувчи бўлади:
— нечта АҚШ мижози пилот учун пул тўлади;
— нечта пилот йиллик тижорат шартномасига айланди;
— жамоалар АҚШ бозоридан қанча реал тушум олди.
Ҳуқуқий режим эшикни очади, университет муҳити моделни кучайтиради. Лекин эшикдан биринчи тўловчи мижозини топиб, «unit economics»ни исботлаган асосчилар ўтади.
SaaS ўляптими?
Йўқ. Лекин унинг эски ўсиш модели тугаяпти.
Бу графикда бир йиллик силжиш кўрсатилган. 2025 йил 3-чорагидан 2026 йил 3-чорагигача битта Anthropic ўзининг чораклик тушумига $15,6 млрд қўшди ($1,38 млрд дан $16,96 млрд гача). Шу даврда SAP, Salesforce, Adobe, ServiceNow каби ўнлаб йирик SaaS гигантларининг ҳаммаси биргаликда $9,6 млрд қўша олди.
Албатта, SaaS бир кечада йўқ бўлмайди. Бу компаниялар ҳали ҳам ўнлаб миллиард доллар ишлаяпти. Лекин бозорга кираётган янги капитал ва бюджет оқими ўзгарди.
Аввал компаниялар ходимлар сонига қараб дастур оларди: 10 та ходим — 10 та лицензия («seat-based» модель). Ҳозир эса бюджет «одам босиб ишлайдиган экран»дан «ишни ўзи бажарадиган AI»га ўтяпти. Anthropic тушумининг қарийб 80 фоизи ҳам обуна эмас, айнан бажарилган иш ҳажми ва API орқали истеъмолдан келади.
Бу стартаплар учун жиддий сигнал.
Бугун кўп жамоалар ҳали ҳам 2018 йил қолипида маҳсулот қуряпти: яна битта CRM, яна битта дашборд, одам кириб маълумот тўлдирадиган яна битта интерфейс. Эртага бундай «ойна»ларни AI агентлар шунчаки ютиб юборади.
Имконият йўқолгани йўқ — ўйин қоидаси ўзгарди. Энди бозор иккита нарсага пул тўлайди:
— реал соҳадаги мураккаб операцион жараённи бошидан охиригача ўзи ёпадиган AI тизимга;
— ишончли маълумот, қоида ва жавобгарликни («unit economics» ва аниқ натижани) зиммасига оладиган инфратузилмага.
Аввал дастур одамга ишлаш учун бериларди. Энди дастурнинг ўзи ишлайди — одам фақат натижани қабул қилади.
Нега Шимолий Америка Жанубий Америкадан бой?
1700 йилда Мексика ва Британия колонияларида одамлар деярли бир хил даромад топарди. Бугун АҚШда жон бошига даромад Лотин Америкасидан қарийб тўққиз баробар юқори.
Сабабини битта шаҳар яхши кўрсатади. АҚШ ва Мексика чегарасидаги Ногалесни девор иккига бўлиб туради. Шимол томондагилар жанубдаги қўшниларидан икки-уч баробар бой. Иқлим бир, тупроқ бир, ҳатто аждодлар ҳам бир.
Демак, гап олтинда ҳам, табиатда ҳам эмас. Шундай мисолларни ўрганган Дарон Аджемоглу, Саймон Жонсон ва Жеймс Робинсон 2024 йилда Нобель мукофотини олди. Уларнинг хулосаси: одамга ўз меҳнати ва ғоясидан эркин фойда кўришга имкон берадиган тизим уни бой қилади.
Илгари бойлик манбаи ер эди, бугун билим. Лекин лабораторияда қолган ишланма бойлик эмас, шунчаки қоғоз.
UC Berkeley бунинг яхши мисоли. PitchBook рейтингида Беркли битирувчилари венчур сармоя олган стартаплар сони бўйича уч йилдан бери дунёда биринчи, Стэнфорд ва Гарварддан ҳам олдинда. Сабаби битта: Berkeley SkyDeck каби тизимлар олимнинг ғоясига тезда бизнес жамоа, ментор ва сармояни улаб беради. Университет фақат диплом бермайди, компаниялар ҳам етиштиради. Буни технологиялар трансфери дейишади.
Ўзбекистонда бу йўл бошланган. Глобал инновация индексида 2020 йилда 93-ўринда эдик, 2026 йилда 77-ўриндамиз.
Лекин рақамлар ичида муҳим сигнал бор. Билимга сармояда 68-ўриндамиз, тайёр маҳсулот ва технологияда эса 78-ўринда. Яъни уруғ экамиз, лекин ҳосилни охиригача йиғиб ололмаяпмиз.
Занжир қаерда узиляпти?
Инфратузилма ва IT экспорт учун яхши платформа қурилди. Лекин инновациянинг юраги университетлар бўлиши керак. Ҳозир эса:
— Университетлар асосан дарс ва мақола билан банд, ишланмани компанияга айлантириш йўли ҳали шаклланмаган.
— Кўп стартаплар мижоз ўрнига грант ортидан чопади.
— Маҳсулот дунё бозорига эмас, фақат ички бозорга қурилади.
— Инвестор бир йилда фойда кутади, технология эса ўн йиллик ўйин.
Бу бўшлиқни ёпиш учун уч қадам керак:
— Университетлар қошида SkyDeck каби марказлар. Олим ёки талаба компания очса, университет тўсиқ эмас, шерик ва улушдор бўлсин.
— Грант ўрнига биргаликда сармоя. Давлат пули хусусий венчур фонд пул тиккан лойиҳага шерик бўлиб кирсин.
— Йирик компаниялар стартапларнинг биринчи мижози бўлсин. Банк, телеком ва саноат реал буюртма берса, бозор ўзи ўсади.
Университет, тадбиркор ва сармоядор бир столга ўтириб, бир тилда гаплаша бошлаган куни бу фарқ ёпилади. Истеъдод бизда бор, энди уни компанияга айлантириш навбати келди.
Бир йил олдин Y Combinator рўйхатида битта ҳам ўзбекистонлик асосчи йўқ эди. Бугун улар тўртта.
Y Combinator — Airbnb, Stripe ва Dropbox каби компаниялар чиққан дунёдаги энг машҳур стартап акселератори. У ерга кириш осон эмас.
Бу яхши натижа. Энг ёқгани шуки, тўртта жамоанинг ҳаммаси мураккаб технология устида ишлаяпти: робототехника, овозли AI, саноат автоматлаштириш ва киберхавфсизлик.
Лекин тўрт — бу бошланиш, мақсад эмас. Энди икки вазифа бор: сонни кўпайтириш ва сифатни ошириш.
Сон учун кўпроқ ёшлар ариза топшириши керак. Ариза бепул, рад жавоби ҳам тажриба.
Y Combinator ягона йўл ҳам эмас. Беркли университетининг SkyDeck акселератори ҳам бутун дунёдан стартап қабул қилади ва танланган жамоаларга 210 минг доллар инвестиция беради. Унинг иштирокчиларининг катта қисми АҚШдан ташқарида асос солинган. Кейинги қабул январда очилади.
Сифат учун эса тўрт нарса ҳал қилувчи: кучли жамоа, пул тўлайдиган биринчи мижозлар, ғояни инглиз тилида бир дақиқада тушунтира олиш ва бошиданоқ дунё бозори учун маҳсулот қуриш.
Орзуим катта: ўзбек асосчилари қурган миллиард долларлик компаниялар пайдо бўлсин. Битта эмас, бир нечта. Истеъдод бизда бор, энди уни дунё саҳнасига олиб чиқиш вақти келди.
Тўғри қоида. АҚШдаги стартапларда ҳам энг кўп кузатиладиган кўрсаткичлардан бири — компания ойликни неча ой олдиндан кафолатлай олиши. Ойлик ўз вақтида берилса, жамоа ишончи ҳам ўз жойида бўлади.
1. Hech qachon oylikni kechiktirmaslik. "Tasnif" ochilganiga 6 yil bo'lgan bo'lsa, biror oy oylik 5-6 kunga kechikmagan. Bayram, dam olish kunlarini hisoblab ham oldinroqdan beramiz, keyinga qoldirmaymiz.
2. Oylik uchun doim rezervda pul ushlab turish. Shaxsiy ehtiyojlarimga pul kerak bo'lsa ham ofisning hisobidagi pulga tegmayman, ko'chadan qarz olishim mumkin.
Ikkalasi bir-biriga bog'liq, lekin xodimlarni rejasini buzmaslik kerak deb o’ylayman.
3
434
Кўчада камера кўрганда кўпчилик уни «хавфсизлик учун» деб ўйлаб ўтиб кетади. Лекин Калифорнияда бугун айнан шу сунъий интеллектли камералар (Flock) катта баҳсга сабаб бўляпти.
Мақсад яхши: жиноятчи ёки йўқолган одамни топиш. Бироқ баъзи шаҳарлар ўз маълумотлари улар билмаган ҳолда бошқа жойларда ҳам қидирилаётганини билиб қолди. Пало-Алто полицияси бу функция ёқилганидан бехабар қолган. Mill Valley эса шартнома шартлари ўзгаргани учун камераларни умуман ўчирди. Натижада Mountain View шартномани бекор қилди, Los Altos Hills камераларни олиб ташлаяпти, Santa Clara округи эса улардан фойдаланишни тўхтатди.
Гап камерада эмас, ишончда. Технология қанчалик ақлли бўлмасин, маълумот кимда, қанча сақланади ва ким кўра олади деган саволга аниқ жавоб бўлмаса, одамлар ундан воз кечади.
Бизда ҳам шаҳарлар «ақлли» бўлиб, камералар кўпаймоқда. Лекин бошиданоқ қоидалар шаффоф бўлиши керак: маълумот қанча сақланади, ким фойдаланади ва назоратни ким қилади.
Ақлли шаҳар фақат камералар билан эмас, биринчи навбатда ишонч билан қурилади.
Бола кўчада кимни кўрса, шуни намуна қилади.
Ҳозир кўп медиа ва ижтимоий тармоқлар қаҳрамон образини яратишга уринади. Кимдир ўзини қаҳрамон қилиб кўрсатади, экран эса шуни яна катта қилади.
Менимча, намунамиз олимлар бўлиши керак.
Хитойда шу йил августдан бошлаб айрим шаҳарлардаги савдо марказлари ва кўча экранлари энг яхши жойни машҳур олимларга берди. Цянь Сюэсэнь, Юань Лунпин, Ту Юю энди кундалик ҳаётда ҳам кўринади. Ҳамма жойда реклама алмашгани йўқ — кўп жойда буни савдо марказларининг ўзи қилган.
Шаҳар юзида гангстер ёки шоу-бизнес юлдузи эмас, олим туриши керак. Ўзбекистон ҳам бундан сабоқ олиши мумкин. Экранда олим ва муҳандис кўринса, илм ҳам қадрли касб экани сезилади.
1
13
482
AI деганда одатда дастур, чат-бот ёки моделни тасаввур қиламиз. Лекин унинг ортида жуда катта жисмоний иш ҳам бор.
Emirates SkyCargo энди AI серверлари, GPU ва чиплар учун алоҳида юк хизматини ишга туширди. Ускуна тик ҳолатда сақланади, биринчи навбатда юкланади ва йўл бўйи Дубайдан кузатилади.
Компания фақат июль ойида 700 тоннадан ортиқ AI ускунасини ташиган.
Менимча, бу янгиликда муҳим фикр бор. AI иқтисодиёти фақат дастурчиларники эмас. Логистика, энергетика, совутиш тизимлари, ускунани ташиш ва ўрнатиш — ҳаммаси шу иқтисодиётнинг бир қисми.
Ўзбекистон учун ҳам имконият айнан шу ерда. Ҳамма ҳам катта AI моделини яратиши шарт эмас. Шу занжирнинг битта бўғинини кучли қилса ҳам, катта бизнес қуриш мумкин.
Масалан, қиммат электрон ускунани хавфсиз ташиш, тез расмийлаштириш ёки дата-марказга уни тайёр ҳолда ўрнатиб бериш.
Келажакда AI'ни ёзадиганларгина эмас, уни вақтида етказадиган ва ишга туширадиганлар ҳам ғалаба қозонади.
Манба: freightwaves.com/news/emirat…
13
589
Ростдан ҳам, бугунги Америка кечаги Америка эмас.
Техасда 3 йил ўқиб, яшаганман. Ўша пайтда Техасни «кўк» деб тасаввур қилиш ҳам қийин эди. Бугун эса губернатор ҳам, сенатор ҳам демократ бўлди.
Солиштириб кўринг: Техас охирги марта губернаторликка демократни 1990 йилда сайлаган. Сенатдаги ўринни эса демократ охирги марта 1988 йилда ютган.
Яъни 35 йилдан ортиқ давом этган анъана бир кечада ўзгарди.
2026 йил. Дунё роботлар ясаяпти, Ойда дата-марказ қуришни режалаштиряпти.
Бизда эса уй-жой можароси яна кўпайибди. Схемаси ҳам эскича: пул тўланади, уй эса ё бошқа жойда, ё умуман йўқ.
Саксонинчи йилларнинг муаммоси билан ҳамон яшашимиз тўғрими? Наҳотки бунинг ечими бўлмаса?
Ечим бор. Пойдевор аллақачон қурилмоқда: эскроу тизими ҳақидаги қонун лойиҳаси июлда биринчи ўқишда қабул қилинди. Унга кўра, харидорнинг пули банкда туради ва уй фойдаланишга топширилгандан кейингина қурувчига ўтади. Лойиҳа ва қурувчи ҳақидаги маълумотлар эса ягона ахборот тизимида очиқ бўлади.
Энди уни рақамли трансформация билан тўлдириш вақти келди. Бунинг учун учта қадам керак:
1. Базаларни улаш. Кадастр, қурилиш рухсатномалари ва эскроу ҳисоблари битта тизимда бир-бири билан боғланади.
2. AI орқали текширув. Харидор шартнома имзолашдан олдин битта сўров юборади. Ер кимники, рухсатнома борми, қурувчи олдинги уйларини вақтида топширганми – жавоб бир неча дақиқада келади.
3. Онлайн назорат. Ҳар бир уйнинг рақамли паспорти бўлади. Қурилиш графикдан орқада қолса, тизим буни ўзи сезиб, огоҳлантиради.
AI чарчамайди, «эртага келинг» демайди ва «танишим бор» деган гапга ишонмайди.
Натижада харидор хотиржам бўлади, ҳалол қурувчи арзонроқ кредит олади, инвестор эса шаффоф бозорга ишонч билан пул киритади.
Инсонсимон роботлар ҳозирча кўргазмада кўпроқ эътибор тортади. Лекин асосий иқтисодий фойда омбор, завод ва логистикадаги оғир ва такрорий ишлардан келади. Асосий савол «робот қанчалик инсонга ўхшайди?» эмас, «қайси ишни арзонроқ ва хавфсизроқ қилади?». Технология шоу билан эмас, иш натижаси билан ўлчанади.
5
344
Барак Обама, ўзбекча қилиб айтганда: келди, михлади, кетди 🎤
3 ноябрда АҚШда оралиқ сайлов. Обама Мичиган ва Жоржияда номзодларни қўллаб чиқди, нутқ охирида микрофонни ёрдамчисига отиб, саҳнадан чиқиб кетди. 17 сониялик шу лаҳза X'да тахминан 5 миллион марта кўрилди.
Нега у ҳали ҳам бунчалик машҳур?
– Хотиржамлик. Овозини кўтармасдан ҳам залга эшиттиради.
– Ҳазил. Гапини ғазаб билан эмас, кулги билан айтади.
– Бирлаштирувчи тил. «Биз» деб гапиради.
– Ишонч. Саккиз йил президентликдан кейин ҳам обрўси жойида.
Бугун Америкада баҳс кўп, лекин хотиржам ва ҳурматли муомала кам. Одамлар Обамани кўпроқ ўзини тутиши учун соғиняпти.
Менимча, 3 ноябрда демократлар устунлик қилиши эҳтимоли юқори. Натижа қандай бўлмасин, сабоқ битта: обрў бақириқ билан эмас, сокинлик ва ҳурмат билан қурилади. Микрофонни эса ушлаб олишга одам тайёр турса, бас.
Нега бир боғ мева беради-ю, бошқаси бермайди? Сир кўчатда эмас, илдизда.
Стартап экотизими ҳам шундай. «Global Clusters of Innovation» китобига кўра, бу боғнинг асосий дарахтлари учта: тадбиркор, инвестор ва йирик компания. Давлат эса боғбон. У шароит яратади.
Бизда боғбон ишни яхши бошлади. IT Park, венчур фондлари ва банклар қошидаги фондлар экилди. Бу тўғри ва керакли қадам эди.
Энди кўчатлар ўз илдизи билан ўсиши керак. Бунинг беш текширув нуқтаси бор:
– Фондларни тажрибали ва малакали мутахассислар бошқаряптими?
– Фондлар қарорни мустақил қабул қиладими?
– Давлатнинг ҳар бир сўмига хусусий инвестор ҳам бир сўм қўшяптими?
– Стартаплар пулни оддий мижоздан топяптими?
– Катта компаниялар стартапларга буюртма беряптими?
Агар жавоб «ҳа» бўлса, боғ ўзи кўпая бошлайди. Агар «йўқ» бўлса, бу боғ фақат боғбоннинг суви билан яшайди. Сув тўхтаса, ўсиш ҳам тўхтайди.
Боғни бир кунда яратиш мумкин. Мева эса вақт, ишонч ва меҳнат билан келади.
8
417
Инқироз ҳамма учун ёмон эмас.
2020 йил, март. Ҳамма венчур пули тугайди, деб кутди — 2001 ва 2008 йилларда шундай бўлганди. Аммо бир неча ҳафтадан сўнг инвестициялар пандемиядан олдинги даражадан ҳам тезроқ ўса бошлади.
Сабаб оддий: одамлар уйга қайтди, рақамлаштириш эса бир неча йил олдинга сакради. Zoom эски ечимларни тезда сиқиб чиқарди. Лекин Zoom инқироз пайтида пайдо бўлмаган — у аллақачон тайёр эди.
Хулоса: инқироз янги нарса яратмайди, у тайёр турганларни тезлаштиради. Шунинг учун маҳсулотни ҳамма кутиб турган пайтда қуриш керак.
1
14
821
Пулинг йўқ, жамоанг йўқ, офисинг йўқ — лекин имконият бор. Тадбиркорлик айнан шу ердан бошланади.
Гарвард профессори Ховард Стивенсоннинг таърифига кўра, тадбиркорлик — қўлингдаги ресурсдан каттароқ имкониятга интилиш. Бу касб эмас, хулқ.
Менежер бор ресурсни оптималлаштиради.
Тадбиркор эса имкониятнинг катталиги билан бошқаларни ишонтиради ва ресурсни ташқаридан жалб қилади.
Фақат инвестор эмас. Биринчи ходим, офис эгаси, етказиб берувчи, биринчи мижоз — ҳар бири стартапга «ҳа» деганда ўзи ҳам риск олади. Тадбиркорнинг энг муҳим маҳорати — шу одамларни ишонтира олиш.
Бунинг учун уч нарса керак:
— Тезлик: ғояни тасдиқловчи натижага тез етиш.
— Мослашувчанлик: далил фаразни инкор қилса, йўналишни ўзгартириш.
— Чидамлилик: ресурс етишмаслиги ва ноаниқликда ҳам олдинга юриш.
Ресурс кейин келади. Аввал имкониятни кўриш ва бошқаларни ишонтира олиш керак.
Инновация марказлари тасодифан пайдо бўлмайди. Олимлар Энгел ва Фиглиоли буни 7 бўғинли харита билан тушунтиради, ва бу харита Ўзбекистон учун ҳам йўл кўрсаткич.
Асосий учлик:
1. Тадбиркор – ғояни компанияга айлантиради.
2. Венчур инвестор – пул ва тажриба беради.
3. Йирик компания – маҳсулотни миллионларга етказади.
Таянч тўртлик:
4. Университет – ғоя ва кадр.
5. Менежерлар – жамоани ўстиради.
6. Юрист, бухгалтер, рекрутер – вақт ва хатодан асрайди.
7. Давлат – қоида, ҳимоя ва имтиёз.
Қандай ишлайди: талаба ғоя топади, акселераторда синайди, бизнес-фариштадан биринчи пулни олади, фонд ўстиради, йирик компания катта бозорга олиб чиқади. Кейин ўша асосчи ўзи инвестор ва устоз бўлади. Доира ёпилади.
Муаллифлар хулосаси: компонентлардан ҳам муҳими – маданият. Ишонч ва ҳамкорлик.
Ўзбекистонда бу бўғинларнинг кўпи бор. Энди вазифа – уларни боғлаш ва доирани ёпиш.
8
398












